Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёни билан иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби, шунингдек, тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқланди.
Бунда, тасдиқланган рўйхатда қайд этилган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари 2019/2020 ўқув йили учун 100 нафаргача ходимга тавсиянома бериши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Суҳбат натижаларига кўра сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга тавсия этилган, тавсияномага эга бўлган абитуриентнинг ўқиши (сиртқи таълим шакли учун 5 йил, кечки таълим шакли учун 4 йил) учун тулов-шартнома маблағлари ишлаб турган ташкилот (вазирлик ёки идора ёки йирик хўжалик бирлашмаси) томонидан белгиланган муддатларда тўлаб берилиши таъминланади.
Тавсияномага эга бўлган абитуриентларнинг сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари муайян олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан 20 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Тавсияномага эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза;
- умумий ўрта таълимни (11-синф негизида) тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ва унинг иловаси асл нусхалари;
- паспортнинг нусхаси;
- 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурат;
- меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма;
- абитуриентнинг ишлаб турган жойи бўйсунувчи вазирлик ёки идора ёки йирик хўжалик бирлашмасидан белгиланган шаклдаги тавсиянома;
- тавсияномага эга бўлган абитуриентнинг - ишлаб турган жойи бўйсунувчи вазирлик ёки идора ёки йирик хўжалик бирлашмаси томонидан талабанинг бутун ўқиши (сиртқи таълим шакли учун 5 йил, кечки таълим шакли учун 4 йил) учун тўлов-шартнома маблағларни ўз вақтида тўлаб бериш бўйича кафолат хати.
Тавсияномага эга бўлган абитуриентлар томонидан паспорт қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади. Тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбатлар
10 августдан 20 августга қадар ўтказилади.