QARO'ZBРУСENG

Хьюберт Х. Хамфри стипендиялари дастури

Ҳьюберт Ҳамфри дастури Фулбрайт алмашув дастурлари доирасида бўлиб, ўзбекистонлик мутахассисларга Америка Қўшма Штатларига келиб, ўн ой давомида илмий унвонсиз магистратура даражасида таҳсил олиш ва ўз мутахассисликлари бўйича тегишли амалий тажрибага эга бўлиш имконини беради. Стипендиялар давлат ва жамоат ташкилотлари ёки хусусий секторда ишлаётган, бошқарув қобилиятига эга, фаол жамоатчи мутахассисларга танлов асосида берилади.

Дастур мақсади

Ҳамфри стипендиатлари қабул қилувчи Америка университетида бир йиллик таҳсиллари давомида ўзларининг касбий қизиқишларига мос келувчи магистратура даражасида бўлган дастур бўйича ўқув курсига таклиф этилади. Шу билан бирга, Ҳамфри илмий унвон берадиган дастур эмаслигини инобатга олган ҳолда, дастур қатнашчилари ўз вақтларининг кўпгина қисмини касбий ривожланишга бағишланган тадбирларда иштирок этишга бағишлайдилар, буларга АҚШ профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари билан маслаҳатлар ва ҳамкорликлар, жойларга ташрифлар, семинарлар, тадқиқот лойиҳалари ҳамда стипендиатларнинг ўз ватанларида қўлланилиши мумкин бўлган амалий жиҳатдан фойдали стратегияларни ишлаб чиқиш киради.

Ҳамфри дастурида қатнашиш учун номзодлар қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:

  • Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон томонидан бериладиган амалдаги паспорт олиш ҳуқуқига эга доимий резидент бўлишлари ҳамда ариза топшириш ва саралаш жараёнининг тўлиқ муддати давомида шу мамлакатда муқим истиқомат қилишлари;
  • АҚШнинг бакалавр унвонига тенг бўлган, тугалланган олий маълумотга эга бўлишлари;
  • Ариза топшириш бошланишига қадар камида беш йиллик касбий меҳнат стажига эга бўлишлари.

Танлов йўналишлари: саҳифанинг инглизча варианти билан танишинг.

АҚШдаги аввалги тажриба

АҚШда охирги беш йил ичида олти ойдан узоқроқ муддат давомида истиқомат қилган шахслар ушбу дастур танловида иштирок эта олмайдилар.

Танловда иштирок этиш тартиби

Ушбу саҳифанинг инглизча вариантида онлайн ариза шаклига ҳавола бор. Танловда иштирок этиш учун топшириладиган ариза иккита тавсиянома ва инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш шаклини ўз ичига олади.

Аризаларни қабул қилиш бўйича сўнгги муддат: саҳифанинг инглизча вариантига қаранг.

Саралаш жараёни

Ариза топшириш бўйича сўнгги муддат тугагач, қабул қилинган барча аризалар элчихона ходимлари ва собиқ стипендиатлардан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Ҳужжатлари маъқул топилган номзодлар АҚШ элчихонасида бўлиб ўтадиган суҳбатга таклиф қилинади. Суҳбатдан сўнг, энг яхши номзодлар АҚШ элчихонаси томонидан стипендия олишга тавсия этилади. Ушбу номзодларга TOEFL тестини топшириш учун ваучерлар берилади. Ҳамфри стипендияларини олиш учун тавсия этилган номзодлар Уильям Фулбрайт жамғармасининг хорижий стипендиялар бўйича Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. Дастур грантини олганлар (танлов йилидан) кейинги йилнинг куз ойларида АҚШдаги университетларига жўнаб кетади.

Биз номзодларда қандай хусусиятларни кўришн истаймиз?

  • етакчилик салоҳияти ва ўз жамоасига манфаат кўрсатиш истаги
  • юқори қизиқувчанлик ва ташаббус
  • инглиз тилини яхши билиш
  • дарсдан ташқари ва жамоат ишларида тажриба орттириш ва уларга қизиқиш
  • Ҳамфри дастурини тарғиб қилишга иштиёқ ҳамда қайтиб келгандан сўнг Ватанга хизмат қилиш истаги.

Муҳим жиҳатлар

  • Агар АҚШда илмий унвон олмоқчи бўлсангиз ёки АҚШдаги муаййан университетда таҳсил олмоқчи бўлсангиз, ушбу танловга ариза топширмаслигингиз керак. Университетлар стипендиатларнинг мутахассисликларига мувофиқ равишда танланади.
  • Олий ўқув юртларини яқинда битирган номзодлар (ҳатто юқори лавозимларни эгаллаётган бўлсалар ҳам) топширган ҳужжатлар кўриб чиқилмайди.
  • Бошқарув масъулияти бўлмаган профессор-ўқитувчилар ушбу дастурда қатнаша олмайди. Инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитадиган муаллимлар ҳамда гиёҳвандликнинг олдини олиш ва уни даволаш масалалари бўйича мутахассислар бундан мустасно.
  • Тўлиқ бўлмаган ёки белгиланган муддатдан кечиктириб топширилган аризалар кўриб чиқилмайди.
  • Элчихона дастурга топширилган ҳужжатларда кўрсатилган ҳар қандай маълумотларни текшириш ҳуқуқига эга. Асл вазият билан номувофиқлик аниқланган холатларда аризачининг танловдаги иштироки тўхтатиб қўйилади.
  • Грант олувчиларнинг барчаси грант даври тугаганидан сўнг «J» тоифасидаги виза талабларига мувофиқ камида икки йил муддатга ўз ватанларига қайтишлари шарт.

Грантга нималар киради

  • Университетларга кириш учун топшириладиган тестлар харажатлари қопланиши
  • J-1 тоифасидаги визани (Алмашув дастури визаси) олишда ёрдам
  • Эконом-класс тоифасидаги икки тарафга учиш авиачиптаси
  • Тиббий суғурта
  • АҚШда яшаш харажатлари. Стипендия стипендиатга ҳамроҳлик қилувчи оила аъзоларининг харажатларини қопламайди.
  • АҚШда ўқиш бошланишидан олдинги таништирув дастури.

Саволлар?

Ушбу дастур бўйича барча саволларни, мавзу ўрнида «Ҳамфри дастури» деб ёзган ҳолда, қуйидаги манзилга юборишингиз  мумкин: TashkentFulbright@state.gov. Шунингдек, (+99871) 140-2434 ва (+99871) 120-5450 рақамларига ҳам қўнғироқ қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, аризалар қабул қилинадиган мавсум давомида, Фулбрайт дастури ваколатхонаси ва АҚШдаги таълим бўйича маслаҳат маркази ҳамкорлигида ўтказиладиган Ҳамфри дастурига бағишланган сессияларнинг бирига келишингиз мумкин.

Дастур хақида батафсил ва сўнгги маълумот олиш учун ушбу саҳифанинг инглизча варианти билан танишинг.

Манба: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси